Календарь

« »

ТОШКЕНТ ТИББИЁТ АКАДЕМИЯСИДА СПОРТ БАЙРАМИ

Тошкент тиббиёт академияси қошидаги “Шифокор” спорт мажмуасида “Биз соғлом юрт фарзандларимиз” шиори остида ташкил этилган спорт тадбири бўлиб ўтди.

Мазкур спорт тадбири “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурининг ижроси ҳамда Тошкент тиббиёт академиясида фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш мақсадида ўтказилди. Унда академиянинг барча факультетлари ва академик лицейнинг спорт жамоалари иштирок этишди.

Мусобақанинг очилиш маросимида сўзга чиққан Тошкент тиббиёт академиясининг ректори Лазиз Тўйчиев ва бошқалар барчани ана шундай спорт байрами билан қутлаб, уларга мусобақаларда ҳамда ўқиш ва иш фаолиятларида муваффақиятлар тилашди.

Спорт тадбирининг аввалида Тошкент тиббиёт академиясининг даволаш, тиббий педагогика, тиббий профилактика, олий маълумотли ҳамшира, малака ошириш ва ҳарбий тиббиёт факультетлари ҳамда академик лицей, шунингдек, академиянинг “Камолот” ЁИҲ бошланғич ташкилоти фаолларидан таркиб топган жамоаларнинг тантанали чиқишлари бўлиб ўтди. Шундан сўнг спорт беллашувларига старт берилди.

– Бу каби спорт мусобақаларини академиямизда мунтазам равишда уюштириб туриш яхши анъанага айланган, десам муболаға бўлмайди. Чунки, бўлғуси шифокор ўзи соғлом бўлсагина беморларни яхши даволай олади. Қолаверса, мана шундай тадбирлар орқали биз талабаларимиз орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишни мақсад қилиб олганмиз, – дейди Тошкент тиббиёт академиясининг даволаш факультети декани, тиббиёт фанлари доктори, профессор Барно Холматова.

Бир ой давомида Тошкент тиббиёт академияси қошидаги “Шифокор” спорт мажмуасида ўтказилган спорт мусобақалари икки босқичда бўлиб ўтди. Аввал, талабалар ўзаро беллашишган бўлса, сўнгра академиянинг профессор-ўқитувчилари ҳамда клиникалар ходимлари ва фарзандлари спортнинг мини-футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат, бадминтон каби турларида беллашишди. Спорт тадбирининг финал қисмида эса қатнашчилар 100 ва 400 метрга ҳамда оилавий  эстафетали югуриш, шейпинг, тош кўтариш бўйича мусобақаларда қатнашдилар.

– Ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол қилиб тарбиялашда спорт ҳамда жисмоний тарбиянинг ўрни жуда муҳим саналади. Бугунги тадбирда талабаларимизнинг нафақат илм олишда, балки спортда ҳам ҳеч кимдан қолишмасликларини барчага исботлай олиш­япти. Шунингдек, спортни хотин-қизлар ўртасида оммалаштириш, уларни ўзлари қизиққан спорт турларига кенг жалб этишда ҳам бундай мусобақаларнинг ўрни беқиёсдир, – дейди Тошкент тиббиёт академиясининг тиббий профилактика факультети доценти, тиббиёт фанлари номзоди Нурхон Муҳаммедова.

Шунингдек, мусобақаларнинг маданий қисмида талабалар ўзларининг миллий рақс, аския ва куй-қўшиқлари билан иштирок этиб, йиғилганларни хушнуд этдилар.

Кескин ва муросасиз тарзда кечган мусобақалар  натижаларига кўра, 100 метрга югуриш бўйича 1-ўринга тиббий педагогика факультети талабаси М.Нуртоев, 2-ўринга ҳарбий тиббиёт факультети курсанти С.Тўхтаев, 3-ўринга олий маълумотли ҳамшира факультети талабаси С.Зокиржонов, 500 метрга югуришда эса 1-ўрин тиббий профилактика факультети талабаси Ш.Ҳабибуллаевга, 2-ўрин тиббий педагогика факультети талабаси Э.Раҳматовга, 3-ўрин ҳарбий тиббиёт факультети курсанти Б.Язматовга насиб этди.

Талабалар орасида ўтказилган эстафетада 1-ўринни тиббий педагогика факультети, 2-ўринни даволаш факультети ва 3-ўринни тиббий профилактика факультети жамоаси эгаллади. Шунингдек, оилавий эстафетада 1-ўрин тиббий профилактика факультетидан Дўстовлар оиласига, 2-ўринга тиббий педагогика факультетидан Ризаевлар оиласи ва 3-ўринни даволаш факультетидан ўаниевлар оиласи қўлга киритди.

Тош кўтариш мусобақасида эса даволаш факультети талабаси Э.Эшмуродов ҳамда тиббий профилактика факультети талабаси Э.Бекмуродовлар бир хил натижа кўрсатиб, 1-ўринга лойиқ топилишган бўлса, 2-ўрин ҳарбий тиббиёт факультети курсанти Б.Ҳайит­боевга ва 3-ўринни Тошкент тиббиёт академияси қошидаги академик лицей ўқувчиси, ёш ва умидли спортчи И.Тойиров эгаллаб, катта акаларидан қолишмаслигини исботлаб қўйди.

Мусобақа ғолиб ва совриндорлари ташкилотчиларнинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Бир сўз билан айтганда, юртимизда спорт ҳамда жисмоний тарбияга қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик туфайли келажак авлодимиз ҳар томонлама бақувват, маънан ва жисмонан етук бўлиб камол топмоқда. Зеро, юртимизнинг соғлом ва баркамол фарзандлари азми шижоат, куч-қудрат ва салоҳият бобида буюк аждодларининг давомчиларидир.

Б.ЖЎРАЕВ, Қ.НИЗОМОВ

03. 05. 2017.