Календарь

« »

МАТБУОТ АНЖУМАНИ ЎТКАЗИЛДИ

Футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Хосе Мария Мендез иштирокида бўлажак жаҳон чемпионати олдидан маҳаллий оммавий ахборот воситалари учун матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Матбуот анжуманида испаниялик мутахассисдан ташқари Ўзбекистон футзал ассоциацияси директори Рустам Толибжонов ҳамда Ўзбекистон терма жамоасининг етакчиси Артур Юнусов ҳам иштирок этиб, журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

Анжуман аввалида Рустам Толибжонов жамоанинг Жаҳон чемпионатига қадар амалга ошириладиган ишлар режаси билан таништириб ўтди. Шундан сўнг Хосе Мария Мендез оммавий ахборот воситалари вакилларининг жамоа ва бўлажак турнир ҳақидаги саволларига жавоб берди: “Ўзбекистон терма жамоаси жаҳоннинг кучли термаларига қарши ўйнашга тайёр. Буни Европанинг кучли жамоаларига қарши ўртоқлик ўйинларда намойиш этиб беришди. Биз Европанинг энг кучли жамоаларидан бири бўлган Қозоғистон, Озарбойжон, Беларусь терма жамоаларига қарши учрашув ўтказдик. Албатта, жаҳон биринчилигида осон ўйинлар бўлмайди. Бизнинг гуруҳимиз балки энг қийин гуруҳ эмасдир, лекин энг кучлиларидан бири деб бемалол айтса бўлади. Бироқ биз гуруҳимиздан чиқа олиш учун етарли имкониятга эгамиз. Биз учун бу илк мундиал, янги тажриба, шу ергача етиб келишимизнинг ўзи ҳам катта ютуқ. Аммо биз бу турнирда доимий қатнашадиган жамоага айланмоқчимиз”.

Ботир ХЎЖАЕВ

29. 08. 2016.