Календарь

« »

ИСТЕЪДОДЛИ ЁШЛАР ВА МАҲАЛЛА ФАОЛЛАРИ РАҒБАТЛАНТИРИЛДИ

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги “Лашкарбеги” маҳалласи ҳудудида жойлашган 547-мактабгача таълим муассасасида эрта тонгдан янграган мусиқа садолари маҳалла аҳлини ва қадрли меҳмонларни бу ерда “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида бўлиб ўтадиган тадбирга — Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг чорак асрлик шодиёналарига чорлади.

Байрамона безатилган муассасанинг гуллар ва дарахтлар билан қопланган файзли ҳовлисидаги маданий-маърифий тадбирда сўзга чиққан Мирзо Улуғбек тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилдора Обидова, “Лашкарбеги” маҳалла фуқаролар йиғинининг раиси Мирсаид Миржапаровлар маросимга тўпланганларни Энг улуғ, энг азиз байрам — мустақиллигимизнинг қутлуғ 25 йиллик муборак санаси билан қутлаб истиқлол йилларида гўзал ва бетакрор юртимизда амалга оширилган беқиёс ва буюк ўзгаришлар ҳақида, Ватанимизнинг жаҳонда кун сайин ошиб бораёт­ган обрў-эътибори ҳақида тўлқинланиб гапирдилар.

— Бу йил зўр шодиёналар билан нишонланаётган байрамимиз маҳалламиз аҳли учун қўшалоқ шодиёна десам айни муддаони айтган бўламан, — дейди “Лашкарбеги” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Зулфияхон Расулий. — Гап шундаки, айни шу кезларда халқимиз Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бутун дунё нигоҳини ўзига тортган ХХХI Ёзги Олимпиада ўйинларида ўзбек спортчилари кўрсатган юксак маҳорат, жасорат ва мардлик оғушида яшамоқдалар. Энг муҳими, Олимпиада ўйинларида маҳалламизда камол топган, ўз маҳорати билан жаҳон ва халқаро миқ­ёсларда ўтказилган нуфузли мусобақаларда юксак марраларга эришган маҳалладошимиз Анастасия қувончга тўлган ҳолда жонажон юртига, гўзал ва мафтункор пойтахтимизга қайтиб келди. Маҳаллада ўтказилган бугунги маросимда маҳалламизнинг эркатой қизини — Истиқлол фарзандини, довруғ қозонган гимнастикачимиз Анастасия Сердюковани шарафладик. Унинг шаънига эзгу тилаклар билдирилди. Яна иккинчи қувончли ҳолат — 25 йиллик қутлуғ байрам арафасида маҳалламиз фуқароси — санъатшунос-мураббий, Ўзбекистон Давлат консерваториясининг доценти Инесса Гулзаровага Президентимиз Фармонига биноан “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” деган юксак унвон берилди. Бундай юксак эътирофлар албатта истиқлол берган имкониятлар туфайлидир.

Дарҳақиқат шундай! Маданий-маърифий тадбирда сўзга чиққан Ғуломжон Зокиров, Абдуғани Абдуқайимов, Эльмира Маҳмудова, Нигора Каримова ва бошқалар Истиқлол берган буюк неъматлар ҳақида, хал­қимизнинг фаровонлиги кун сайин ошиб бораётганлиги, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикнинг қадри нақадар баландлиги хусусида тўлқинланиб сўзладилар.

Халқимизда қувончли кунларда, одамларга совға-саломлар улашишдек яхши удум бор. Мус­тақиллик байрамининг 25 йиллигига бағишлаб ёшлар орасида ижодий танловда ғолиб чиққан истеъдодли ёш мўйқалам соҳибларига эсдалик совғалари, маҳалла юмушларида ўзини кўрсатган фаолларга ёрлиқ ва мукофотлар топширилди. Кам таъминланган, ёлғиз, ногиронлар ҳолидан хабар олиниб уларнинг кўнгилларига қувонч улашилди. 547-мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчилари томонидан янграган шўх қўшиқлар, муқаддас Ватанимизни мадҳ этувчи шеърий сатрлар, рақслар маданий-маърифий тадбирга ўзгача кўтаринкилик, одамлар қалбига қувонч бағишлади.

Солиҳ ЁҚУБЖОНОВ

30. 08. 2016.