Календарь

« »

МУСТАҲКАМ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан “Ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимояси – давлатимиз эътиборида” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Юртимизда ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларни замон талабларига жавоб берувчи кийим-кечаклар, сифатли озиқ-овқатлар ҳамда тиббий хизмат билан таъминлашга доимо эътибор қаратиб келинмоқда. Бу эса миллий армиямизнинг жанговар салоҳиятини ошириш ҳамда ҳарбий хизмат нуфузини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирда таъкидланишича, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий ҳимояси ҳамда фаровонлигини таъминлаш, улар учун янги турар жойлар қуриш, мавжудларини таъмирлаш, замонавий ҳарбий шаҳарчаларни қуриш ва реконструкция қилиш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 2007-2015 йиллар мобайнида олти мингга яқин ҳарбий хизматчилар уй-жой билан таъминланди. Шунингдек, 2016-2025 йиллар давомида ҳар йили тўққиз юздан зиёд ҳарбий хизматчилар турар жой билан таъминланиши режалаштирилган.

Давлатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан барча ҳарбий округларда, узоқ гарнизонларда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун 350 га яқин хонадондан иборат тўққизта кўпқаватли уй қуриб битказилиши, турар жой, даволаниш муассасалари бинолари, ётоқхоналар, лаборатория ва ўқув хоналари капитал таъмирдан чиқарилиб фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.

Ҳарбий хизматчиларнинг соғлиғини сақлаш, уларга тез ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасида самарали тизим ишлаб чиқилган. Ҳозирги кунда вазирлик тасарруфида замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган, малакали тиббий ходимларга эга йигирмадан ортиқ даволаш-профилактика муассасалари фаолият олиб боради. Шунингдек, ҳарбий қисм тиббиёт пунктлари ва бошқа махсус ҳарбий-тиббиёт муассасалари ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг оила аъзоларининг соғлигини сақлаш ва мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Абдуалим САЛИМОВ

30. 08. 2016.