Календарь

« »

АМАЛГА ОШИРИЛГАН ИШЛАР ВА НАВБАТДАГИ ВАЗИФАЛАР

Пойтахтимизда “Камолот” ЁИҲ Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан жорий йил биринчи ярим йилликда амалга оширилган ишлар сарҳисобига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш ташкил этилди.

Ҳаракатнинг Тошкент шаҳар ва унинг маҳаллий Кенгашлари томонидан жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнида фаол иштирокини таъминлаш ёш авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш ва бандликни таъминлаш, иқтидорли ёшларнинг ижодий фаоллигини қўллаб-қувватлаш, спортни ривожлантириш ва ўсиб келаётган ёш авлодни жисмоний камол топтириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш соҳаларида 9 982 та лойиҳа ва тадбирлар ташкил этилган.

— Ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш, уларни турли мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш, мустақиллигимиз ва тинчлигимизга раҳна солувчи ҳаракатларга қарши тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этишда ҳамда миллий қадрият ва урф-одатларни улар онгига сингдириш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун қулай шарт-шароит яратиш, қизиқишлари бўйича тўғри йўналтириш, спортга жалб қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан бир қанча ишлар амалга оширилмоқда, — дейди “Камолот” ЁИҲ Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Акмал Жумабоев. — Пойтахтимиз ёшларини эзгу мақсад йўлида бирлаштириб, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни демократик тамойиллар, миллий ва умум­инсоний қадриятлар руҳида, маънан соғлом ва жисмонан бақувват бўлиб вояга етишларига кўмаклашиш, ижтимоий-сиёсий фаоллиги ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида “Сиз қонунни биласизми?”, “Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик-танловлари, “Ёшлар тинчлик истайди”, “Одам савдоси – давр муаммоси”, “Хорижда ишлашнинг қонуний асослари”, “Вояга етмаган ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш” мавзуларида тарғибот тадбирлари ўтказилди, ёшларни давлат ҳокимияти органлари фаолияти билан яқиндан таништириш ва туркум учрашувлар ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Конституциявий суди, Олий суди, Олий хўжалик судларига ташрифлари уюштирилди.

Маънавий-маърифий соҳада амалга оширилган ишлар орасида “Ватан ҳимояси муқаддас бурч”, “Юртимни обод этаман”, “Қадрият, урф-одат, анъана ва ёшлар”, “Биз буюк юрт фарзандларимиз” шиори остидаги ёшлар фестиваллари, “Фарзандлик бурчим” лойиҳалари алоҳида ўрин тутди. “Менинг бизнес ғоям”, “Ёш тадбиркор – юртга мададкор”, “Бизнес автобус”, “Бизнес экскурсия” лойиҳалари, “Ватаним тараққиётига менинг ҳиссам” кўргазмалари уларнинг тадбиркорлик борасидаги қизиқишларини шакллантиришда мадад бўлди. Иқтидорли ёшларнинг ижодий фаоллигини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган “Юрт келажаги” иқтидорли ёшлар кўрик-танлови, “Мунозара” тўгараклари жамоалари ўртасидаги мусобақалар, “Камолот” стипендияси саралаш босқичлари каби тадбирлар орқали кўплаб ёшларимизнинг иқтидор ва малакалари намоён бўлди. “Камолот шахмат тахтаси”, “Камолот кубоги”, “Камолот ғунчалари”, “Камолот-Тур” мусобақалари, “Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз” акциялари эса ўз ўрнида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда қўл келди.

“Камалак” болалар ташкилотининг “Онамга сов­ға” расмлар танлови, “Камалак билимдони” кўрик-танлови, Тошкент шаҳар “Камалак” болалар ташкилотининг “Ватан, дўстлик ва халқпарварлик учун!” шиори остидаги анъанавий XV анжуманини ҳам алоҳида таъкидлаш ўринли.

Шу билан бир қаторда мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган фан, таълим, маданият ва спорт соҳаларида юқори ютуқларга эришган ёшлардан 350 та мурожаатлар келиб тушган. Ҳисобот даврида ҳудудий Комиссия томонидан ушбу мурожаатлар кўриб чиқилиб, ҳисобга қўйиш учун 201 нафар номзоднинг ҳужжатлари Республика комиссиясига юборилган. Бу йил яна Мирзо Улуғбек, Олмазор, Юнус­обод туманларида 3 та кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилган.

Кенгаш мажлисида Ҳаракатнинг шаҳар ва туман Кенгашлари томонидан жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида амалга оширилган ишларнинг ҳисоботи тингланиб, эришилган ютуқ ва йўл қўйилган камчиликлар сарҳисоб қилинди. Шу билан бирга жорий йилда амалга оширилиши лозим бўлган режаларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Зиёда РАСУЛОВА

29. 08. 2016.