Календарь

« »

АВГУСТ КЕНГАШЛАРИ БЎЛИБ ЎТМОҚДА

Умумтаълим мактабларида педагогик жараёнлар самарадорлигини таъминлашда инновацион ёндашувлардан тўғри ва кенг фойдаланиш бугуннинг асосий талабларидан биридир. Бу эса ўқитувчилар зиммасига фан-техника соҳасидаги ютуқлар, янгиликларни татбиқ этган ҳолда дарсни илмий асосда ташкил қилиш вазифасини юклайди. Бу борада анъанавий август кенгашларининг ўрни алоҳидадир.

Пойтахтимизнинг Юнусобод туманида жойлашган 9-сонли умумтаълим мактабида Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармаси томонидан она-тили ва адабиёт ҳамда ўзбек тили фани ўқитувчиларининг анъанавий Август кенгаши ва шўъба йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими ходимлари, методистлари, маънавий-маърифий ишлар бўйича шўъба раҳбарлари, Давлат таълим стандарти мониторинг бўлими раҳбарлари, энг фаол мактаб директорлари ва ўқитувчилар иштирок этди.

Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ривожланишлар, таълим тизимини модернизация қилиниши, мультимедия воситалари билан таъминланиши сифатли таълим бериш учун кенг имкониятлар яратмоқда.

Мазкур тадбирда, “Сифатли таълим-тарбия бош вазифамиз” шиори остида таълим муассасалари раҳбарларининг масъулияти ва ташаббускорлигини ошириш, август кенгашларида 2015/2016 ўқув йилининг якунлари бўйича ўтказилган таълим сифати мониторинги, фан олимпиадалари, “Билимлар беллашуви”да ўқувчиларнинг билимларида аниқланган бўшлиқлар ва уларни тўлдириш юзасидан турли тавсиялар берилди.

– Республика халқ таълими тизимида янги 2016/2017 ўқув йилига тайёргарлик қизғин бормоқда. Бу борада ўқув-тарбия жараёнини янада жадаллаштириш, мазмун ва моҳият жиҳатдан такомиллаштириш муҳим ўрин тутади, – дейди Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармаси она тили ва адабиёт фани методисти Гулчеҳра Маманбаева. – Шу боис, таълим тизими мутасаддилари ва кўп сонли педагогик жамоалар ўқув йилида ўз олдига қўяётган мақсад ва вазифаларни қандай амалга ошириш, ўтган йилги ютуқ ва камчиликлардан тўғри хулоса чиқариб, келгусидаги вазифалар борасида фикр алмашдилар.

Август кенгашлари педагогларни ўз фаолиятига чуқур назар солишга ундайдиган, янги марралар сари етаклайдиган кенг кўламли тадбир бўлгани боис, педагогларнинг билим салоҳиятини, малакасини ва таълим самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади. Тадбирда ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, мактабгача таълим муассасаларида таълим-тарбия сифатини юксалтириш масалалари хусусида мулоҳазали, мушоҳадали фикрлар билдирилди.

Зафар НАЗАРОВ

29. 08. 2016.