Календарь

« »

ИСТИҚЛОЛНИНГ БАХТИЁР ҚИЗИМАН

Мустақиллик ва унинг қадр-қиммати ҳақида гап кетганда Юртбошимиз Ислом Каримовнинг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” номли асарининг бош ғояси сифатида қўнғироқ мисол янграб турган “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик? Эртага ким бўлишимиз, қандай янги марраларни эгаллашимиз керак?” деган фикрлари онгу шууримда чарх ура бошлайди.

Бу бежиз эмас, албатта. Чунки, мен ҳам она диёримизнинг минг-минглаб бахтли фарзандлари сингари мустақиллик нафасидан баҳра олиб улғайдим, камол топдим. Мустақиллик тенгдоши эканимдан, шу ёшда Истиқлол берган неъмат туфайли ютуқларга эришаётганимдан жуда бахтиёрман.

Биламан, ота-боболаримиз бу бахтни узоқ, жуда узоқ кутдилар. Истиқлолга эришиш учун кўп курашдилар. Неча бор уни қўлга киритишга муваффақ ҳам бўлганлар. Аммо, бу йўлда жуда кўп азоб-уқубатлар-у, жабру жафолар ҳам чекканлар. Бу тарих ҳақиқати. Тарих ҳақиқати эса бизнинг ҳар биримиз учун сабоқ. Бу сабоқни чуқур ўрганишимиз, хулоса чиқариб олишимиз, эртанги кунимиз ва келажагимиз учун бениҳоя зарур. Чунки, биз озодлигу ободликка юз тутган янги жамият, янги давлатда яшаяпмиз. Келажаги буюк бўлган бундай гўзал, мустақил мамлакатни энди ҳеч қачон бировга бериб қўймаймиз. Энди ҳеч қачон ота-боболаримизнинг, она ва момоларимизнинг кўзларида қарамлик ҳасратлари кўринмайди. Бунга биз сира-сира йўл қўймаймиз. Мустақиллигимизнинг абадийлиги учун бир тану бир жон бўлиб, фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашамиз.

Биламан, метин иродали бунёдкор халқимиз кўплаб мамлакатлар асрлар давомида босиб ўтган йўлни ғоят қисқа вақт ичида босиб ўтди. Бу даврда биз ўзимиз, ўзлигимизни англадик. Ўзимизга хос ва мос тараққиёт йўлидан оғишмай фақат олдинга интилдик. Интилганга толе ёр деганларидек, оламшумул ютуқларни қўлга киритдик, шаҳар ва қишлоқларимиз ҳайратли даражада ўзгарди. Биз нималарга қодирлигимизни бутун дунёга намоён этдик. Дунё бизга тан берди. Бошқача айтганда, шўролар даврида ҳеч ким билмаган Ўзбекистон дунёга чиқди. Жаҳон ҳамжамиятидан мустаҳкам ўрин эгаллади. Бу билан ҳар биримиз ҳақли равишда фахрланамиз.

Мустақиллик менинг ҳаётимда ҳам беқиёс аҳамият касб этди. Унинг шарофати билан мен ўз орзу ниятларимга эришдим. Мактаб ва лицейни имтиёзли битириб, Тошкент молия институтининг “Ҳисоб ва аудит” факультетига ўқишга қабул қилиндим. Талаба бўлишим арафасида “Нурли тонг” номли илк шеърлар китобчам нашр этилди. Институтда аъло баҳоларга ўқиш билан бир қаторда кўплаб республика ва халқаро танловларда қатнашиб, фахрли ўринларга муносиб топилдим. Инглиз тилини пухта ўрганиш баробарида ўз соҳам бўйича бир қатор нуфузли ўқув марказларида таҳсил олиб, уларнинг диплом ва сертификатларини олишга муваффақ бўлдим. Айни пайтда республика газета ва журналларида олтмишга яқин илмий ҳамда маънавий-маърифий мавзудаги мақолаларим эълон қилинди. Ўттиздан ортиқ республика ва халқаро илмий анжуманларда иштирок этдим.

Мамлакатимизнинг янада юксалишига муносиб ҳисса қўшиш йўлидаги саъй-ҳаракатларим зое кетмади. Аввал, институтимизнинг С.Қодирхонов, сўнг эса Алишер Навоий номидаги Давлат стипендианти бўлишга эришдим. Мақсадим “Иқтисодиётни модернизациялаш шароитида бошқарув ҳисобини татбиқ этиш ҳамда такомиллаштириш масалалари” мавзусидаги илмий ишимни изчил давом эттириб, давлатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиш. Бу эса тинимсиз ўқиш ва ўрганишни, изланишни, янгиликка интилишни талаб этади. Мен бунга тайёрман. Шу боис институтни имтиёзли битириб, магистратурада таҳсил оляпман.

Дилафрўз ЮЛДАШЕВА,

Тошкент молия институти магистранти

29. 08. 2016.