Календарь

« »

ЯНГИ ТЕХНОЛОГИЯЛАР ЖОРИЙ ЭТИЛМОҚДА

Мустақиллик йилларида бошқа соҳаларда бўлгани каби геодезия ва картография соҳасида ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилди, кўплаб ютуқларга эришилди. Қўл меҳнати жараёнлари ўрнини замонавий, рақамли технологиялар эгаллай бошлади. Жумладан, электрон тахеометрлар, юқори аниқликдаги GPS ўлчов асбоблари ҳамда сўнгги русумдаги компьютер ва дастурлар амалиётга жорий қилинди.

Шу ва мустақиллик йилларида геодезия ва картография соҳасида амалга оширилган ишлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида атрофлича маълумот берилди.

Бугунги кунда “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси томонидан 200 дан ортиқ картографик маҳсулотлар ўзбек ва рус тилларда нашр этилган. Таълим муассасалари учун атласлар ва контур хариталар, Ўзбекистон Республикасининг умумий географик ва сиёсий-маъмурий хариталари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг ўлкашунослик ҳамда маданий мерос объект­ларининг атласлари, мамлакатимизнинг диққатга сазовор жойлари, ёдгорликлар, табиатнинг қизиқарли манзаралари тасвирланган сайёҳлик хариталари ўзбек, рус ва инглиз тилларида чоп этилмоқда.

Давлатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида “Ўзбекистон Республикасининг географик атласи”нинг янги таҳрири ўзбек тилида нашрдан чиқарилди.

Анжуманда таъкидланишича, қўмита томонидан шунингдек, турли масштабдаги рақамли топографик хариталарни яратиш, тахеометрик, ер ости коммуникация иншоотлари съёмка ишлари, ернинг сунъий йўлдош тизимларига асосланган замонавий навигация технологияларини қўллаб янги геодезик тармоқларини яратиш, ҳудудларнинг рақамли топографик хариталарини яратиш учун аэрофотосъёмкалар ҳамда географик объектлар номларини мувофиқлаштириш ишлари олиб борилаётир.

Тизимдаги корхона ва ташкилотлар томонидан республикамиз ҳудудида 50 та доимий фаолият кўрсатувчи GPS станция­лари ишга туширилди. Барча вилоятларда ахборот таҳлил марказлари ташкил этилди.

Журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоб қайтарилди.

Абдуалим САЛИМОВ

26. 08. 2016.