Календарь

« »

ИННОВАЦИОН ИШЛАНМАЛАР КЎРГАЗМАСИ

Тошкент ахборот технологиялари университетида “Компьютер инжиниринги” ва “Телекоммуникация технологиялари” факультетларининг иқтидорли талабалари, магистрлари ва ёш профессор-ўқитувчилари томонидан ишлаб чиқилган дастурий ва техник ишланмалар кўргазмаси бўлиб ўтди.

Унга юздан ортиқ давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасалари, ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси корхона раҳбарлари ва мутахассислари таклиф этилди.

Маълумот сифатида айтиш ўринлики, кўргазма залларида 200 дан ортиқ дастурий ва техник ишланмалар намойиш этилди. Хусусан, 33 та ахборот ишланмалари, 11 та веб-сайт, 55 та дастурий ишланма, 20 та аппарат, 44 та техник ишланма, 21 та компьютер ўйин дастурлари ва 19 та мобиль иловалардан иборат ишланмалар кўргазмаси шулар жумласидан. Иштирокчилар томонидан яратилган дастурий маҳсулотлар ва техник ишланмаларни таълим, кичик бизнес, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, саноат ва автомобилсозлик соҳаларида қўллаш мумкин.

— Бугунги кўргазмага ўз сайтим билан қатнашаяпман, — дейди ТАТУ 3-босқич талабаси Жаҳонгир Муртазоев. — Бу сайтга кириб, китоб кўчириб олиш, бемалол ўқиш мумкин. Шунингдек, онлайн режимда видеодарслар ишлаб чиқишни мўлжаллаяпман. Мен ишлаб чиққан дастур талабаларга албатта асқотади, деб ўйлайман.

— Биз 3 нафар талаба техникага асосланиб, протез оёқни робот асосига мўлжаллаб тақдим қилдик. Бу одамларга анча қулайлик яратади, ногирон инсонлар ўзини эркин ҳис қилиши билан бирга тана ҳаракатлари ҳам мўътадиллашади. Бу ускунани ўзимизда ишлаб чиқарсак анча арзон нархда бўлади, ҳали камчиликлари бор, бунинг устида ишлаяпмиз, — суҳбатга қўшилди ТАТУ 3-босқич талабаси Ҳикматилла Ҳабибуллаев.

Ушбу йўналиш бўйича амалга ошириладиган ишлар 2016 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифалардан бири сифатида белгилаб берилди. Миллий ахборот коммуникация технологиялари инфратузилмасини янада ривожлантириш, шу жумладан, дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш, миллий ахборот ресурсларини бойитиш, замонавий интерактив хизмат турларини кўпайтириш бу борада малакали мутахассисларга бўлган юқори талабларни қўяди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 26 мартдаги “Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2013 йил 20 сентябрдаги “Мамлакатимизда дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқарувчиларини рағбатлантиришни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорлари республика иқтисодиёт тармоқлари ва соҳалари учун ахборот коммуникация технологиялари соҳасида халқаро стандартлар талаблари даражасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш бўйича Тошкент ахборот технологиялари университетида бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, университетда компьютер инжиниринг, дастурий инжиниринг, телекоммуникация технологиялари каби янги бакалавриат таълим йўналишлари киритилди. Ҳозирги кунда университет ва унинг филиалларида 10 минг­дан ортиқ талабалар таҳсил олмоқда. Таълим жараёнининг сифатига қаратилаётган эътибор, университет ўқув лабораториялари моддий техник базасининг ривожлантирилиши, профессор-ўқитувчиларнинг етакчи хорижий таълим муассасаларида малакаларини ошириши ҳамда таълим жараёнининг хорижий адабиётлар билан услубий бойитилиши бўйича амалга оширилган бир қатор ишлар ўз самарасини бермоқда.

Кўргазмада 5 та номинация белгиланган бўлиб, тадбир якунида “Энг яхши лойиҳа дизайни”, “Энг яхши веб-ишланма”, “Энг яхши андроид ишланма”, “Энг яхши Windows ишланма”, “Энг яхши дастурий ва аппарат-дастурий ишланма” муаллифлари ташкилотчилар томонидан махсус сертификат ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

(Ўз мухбиримиз)

05. 05. 2016.