Календарь

« »

ЭЛЕКТРОН АХБОРОТ АЛМАШИШ РИВОЖЛАНМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан мамлакатимиз ҳудудларида “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий бошқармалари фаолиятига “электрон ҳукумат” тизимини жорий қилиш ва ривожлантиришнинг долзарб масалалари” мавзусида семинарлар ўтказилмоқда.

Худди шундай тадбир Тошкент шаҳар ҳокимлигида ҳам бўлиб ўтди. Семинар Ўзбекистон Республикасининг “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонунининг мазмун-моҳиятини тушунтириш, ушбу тизимни жорий қилиш ва ривожлантиришда давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари олдида турган вазифаларга бағишланди.

Унда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг раҳбарлари, масъул ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, кенг доирадаги ахборот-коммуникация соҳасининг мутахассислари ва экспертлар иштирок этди.

Мамлакатимизда барча соҳаларга ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилиши ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этиш ва сифатли хизмат кўрсатишни таъминлайди.

“Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонун мамлакатимизда “электрон ҳукумат” тизимини жорий қилиш ва ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатини аниқ ифодалаб берувчи меъёрий ҳужжатдир. Уни амалда татбиқ этишда давлат органларининг фаол иштироки талаб этилади. Давлат идораларининг “электрон ҳукумат” соҳасида ахборот тизимлари ва ахборот ресурсларини, шунингдек, интерактив давлат хизматларини ишлаб чиқиши, уларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш, аҳолига масофадан туриб сифатли хизмат кўрсатиш қонунда белгилаб берилган.

Мазкур қонун давлат органлари электрон давлат хизматларини кўрсатишда, шу жумладан, идоралараро электрон ҳамкорлик доирасида давлат органларининг юридик ва жисмоний шахслар билан ўзаро муносабатларини тартибга солади.

Семинар доирасида қонун нормаларини амалда татбиқ этиш, давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уларнинг қонун билан белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ талқин қилиш бўйича тушунчалар берилди.

Абдували СОДИҚОВ

14. 04. 2016.