Календарь

« »

ЗАМОНАВИЙ ТЕХНОЛОГИЯЛАР — СИФАТЛИ МАҲСУЛОТЛАР ГАРОВИ

Инсон саломатлигини сақлашда у истеъмол қиладиган маҳсулотлар муҳим аҳамият касб этади. Организм учун зарур бўлган моддаларни ўз вақтида ва меъёрида тановул қилиш соғликни тиклаш ҳамда мия фаолиятининг яхши ишлашига хизмат қилади.

Биз истеъмол қиладиган озиқ-овқатлар орасида сут ва сут маҳсулотлари инсон учун энг фойдали озиқ моддаларидан бири ҳисобланар экан. Таомномамизда бу маҳсулотларнинг бўлиши соғлик билан боғлиқ кўплаб муаммоларнинг олдини оларкан. Чунки бу маҳсулотлар таркибида ҳаёт учун муҳим бўлган кўплаб элементлар – 20 та витамин, кальций, темир, селен, фосфор ва ёғ моддалари мавжуд.

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка берилаётган эътибор натижасида сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар сони кўпайиб бормоқда. Улар томонидан тайёрланаётган маҳсулотлар аҳоли талабига мос келаётир. Ана шундай корхоналардан бири пойтахтимизнинг Учтепа туманида фаолият олиб бораётган “Gerfed Impeks” масъулияти чекланган жамиятидир.

Тумандаги йирик ишлаб чиқариш субъектларидан бири бўлган мазкур корхона 2007 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирги кунда “Musaffo sut” савдо белгиси остида ёғлилик даражаси 1, 2, 2,5, 3,2, 4 фоизли бўлган қадоқланган сут маҳсулотлари тайёрланмоқда.

– Ишлаб чиқаришда биз фақат табиий сутдан фойдаланамиз, – дейди корхона раҳбари Алишер Жўраев. – Иш жараёнида ҳар бир хом ашё сифатига катта эътибор қаратилади, чунки озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда бу жуда муҳим. Қилинган кичик хато ҳам халқимиз соғлиғига зарар етказиши мумкин. Давлатимиз томонидан тадбиркорлар учун кўплаб имкониятлар яратилмоқда. Биз ҳам улардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқаришга янгиликлар киритиш, маҳсулотлар рақобатбардошлигини оширишга ҳаракат қилмоқдамиз. Корхонамизда Швециянинг “TETRO PAK” фирмасида ишлаб чиқарилган замонавий дастгоҳлар ўрнатилган. Шунингдек, 2015 йилда Россия ва Германия давлатларидан янги технологияларни олиб келдик.

40 нафар ишчи-ходим меҳнат қилаётган “Gerfed Impeks” масъулияти чекланган жамиятида ўтган йили 3,5 минг тонна сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Бу эса олдинги йилларга қараганда икки марта кўп демакдир.

Корхонанинг “Musaffo sut” бренди остидаги маҳсулотларига талаб анча юқори бўлмоқда. Жамият аъзолари маҳсулотларини қўшни давлатларга экспорт қилишни йўлга қўйиш мақсадида чет давлатларнинг бозорларини ўрганиб чиқишди. Айни кунларда Афғонистон, Қирғизистон ва Қозоғистон каби мамлакатларга маҳсулотларимизни экспорт қилмоқдамиз.

– Жорий йилда жаҳон стандартларига жавоб берадиган замонавий технологияларни ўрнатишни режалаштирганмиз, – дея сўзини давом эттирди Алишер ака. – Бунинг натижасида бир қатор янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятига эга бўламиз. Шунингдек, экспорт салоҳиятимиз ҳам ортиб, бир қатор бўш иш ўринлари яратилади.

2016 йилнинг мамлакатимизда “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилиниши муносабати билан корхона мутахассислари малакали тиббиёт ходимлари билан биргаликда мактабгача таълим муассасалари, мактаб, коллежлар ҳамда қариялар уйи, меҳрибонлик уйлари, касалхоналарда соғлом турмуш тарзига бағишланган тадбирлар ўтказишни мўлжалламоқдалар. Бундан ташқари, сут ва сут маҳсулотларининг фойдали жиҳатларини тушунтиришга қаратилган давра суҳбатлари, харидорларнинг маҳсулот танлаш дидини оширишга бағишланган акциялар ўтказиш ҳам кўзда тутилган.

Абдуалим САЛИМОВ

28. 03. 2016.