Календарь

« »

ХИЗМАТЛАР ТАКОМИЛЛАШМОҚДА

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Kafolat sug‘urta kompaniyasi” акциядорлик жамияти томонидан суғурта хизматларини такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси қонунлари ижросига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Юртимизда суғурта тизимини ривожлантиришга қаратилган эътибор туфайли бугун суғурта бозори кескин суръатларда ривожланиб бормоқда. Ушбу соҳани янада такомиллаштириш мақсадида бир нечта қонун ва қатор меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, суғурта бозори иштирокчиларига кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Буни тадбирда иштирок этган “Kafolat sug‘urta kompaniyasi” акциядорлик жамияти раҳбарияти ва мутахассислар алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Анжуманда айтилишича, компаниянинг мавжуд барча бўлинмалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, мебель ва алоқа воситалари билан таъминлаш борасида ишлар олиб борилган. Суғурта майдонини янада кенгайтириш мақсадида республиканинг барча ҳудудларида, хусусан, қишлоқ жойларда 90 дан ортиқ янги бўлинмалар ташкил қилинган. Ҳозирги кунда компания тизимида 190 та минтақавий бўлинмалар фаолият юритаётган бўлиб, унда 15 та филиал, 38 та бўлим ва 137 та суғурта марказлари мавжуд. Бундан ташқари, ҳайдовчилар учун қулай бўлган жойларда суғурта полисларини сотувчи қатор шохобчалар ҳам ташкил этилган.

Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш бозори операциялари ҳажми бўйича компания барқарор равишда иккинчи ўринни эгаллаб келмоқда. Ушбу суғурта тури жорий этилгандан буён компания томонидан сотилган полисларнинг умумий сони 2 минг 270 дан ошди.

– Таъкидлаш жоизки, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталашнинг жорий этилиши мамлакатимиздаги суғурта муносабатлари тизимига ижобий таъсир кўрсатди, – дейди компания бошқаруви мажбурий суғурта департаменти бош менежери Дилшод Урунов. – Ушбу суғурта турининг мажбурийлиги ва оммавийлиги республикамизда ихтиёрий суғурта турларининг ривожланишига туртки берди. Бундан ташқари мажбурий суғуртанинг жорий этилганлиги суғурта бозори замонавий инфратузилмасининг жадаллик билан шаклланишига замин яратди.

Шунингдек, анжуманда “Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги ва “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги қонунларда белгиланган вазифалар хусусида ҳам сўз юритилди.

Абдуалим САЛИМОВ

05. 01. 2017.