Календарь

« »

БАНК КРЕДИТЛАРИ ХУСУСИЙ БИЗНЕС РИВОЖИГА ХИЗМАТ ҚИЛМОҚДА

Сир эмаски, бугун юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка катта эътибор қаратилмоқда. Уларни қўллаб-қувватлаш, қулай бизнес муҳитини яратиш борасида бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинган. Берилаётган эътибор самараси ўлароқ тадбиркорлар сони кўпайиб, улар томонидан рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётир.

Шу ўринда айтиш жоизки, бунда тижорат банклари томонидан тадбиркорлик субъектларига ажратилаётган кредитларнинг ўрни беқиёсдир. Ушбу маблағлар ҳисобидан замонавий технологиялар жалб қилиниб, бозорларимиз ўзимизда ишлаб чиқарилган сифатли маҳсулотлар билан тўлиб бораётир.

Бу борадаги ишларда “Ипотека банк” АТИБ Бекобод филиалининг ҳам ҳиссаси катта. Бугунги кунда мазкур банк томонидан молиявий барқарорликни мустаҳкамлаш, аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг бўш пул маблағларини банк депозитларига жалб қилишни кўпайтириш, активлар ҳамда кредит портфели сифатини яхшилаш, белгиланган прогноз кўрсаткичларини бажарилишини таъминлаш мақсадида талай ишларни амалга оширмоқда.

Жорий йилда банк томонидан кичик бизнес субъектларига фаолиятини ривожлантириш, янги технологиялар келтириш, иш самарадорлигини яхшилаш мақсадида кўплаб кредит маблағлари ажратилди. Улар қаторида “Исломбек мебель файз сервис” хусусий корхонаси ҳам бор.

– Корхонамиз мебель маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган, – дейди “Исломбек мебель файз сервис” хусусий корхонаси раҳбари Ҳикоят Полвонбоева. – Хомашё базасини мустаҳкамлаш мақсадида “Ипотека банк” АТИБ Бекобод филиалидан 58 миллион сўм кредит маблағлари олдик. Ушбу маблағлар ҳисобига ишлаб чиқариш кўлами кенгайди. Иккита янги иш ўрни яратдик. Келажакда бир қатор янги лойиҳаларни амалга оширишни мақсад қилганмиз. Бунда албатта, “Ипотека банк” АТИБ Бекобод филиали хизматларидан фойдаланишни мақсад қилганмиз.

Шу ўринда айтиш жоизки, “Ипотека банк” АТИБ Бекобод филиали томонидан тадбиркорлик субъектларига ажратилаётган кредитлар замонавий технологияларни жалб қилган ҳолда сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришни ривожланишига катта ҳисса қўшмоқда.

А.СОДИҚОВ

Хизматлар лицензияланган

21. 06. 2016.