Календарь

« »

БАНК КРЕДИТЛАРИ ТАДБИРКОРЛИК РИВОЖИГА ХИЗМАТ ҚИЛМОҚДА

Мамлакатимизда тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларга қулайликлар яратиш, имтиёз ва енгилликлар беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишда АТБ “Капиталбанк” томонидан ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг ўтган беш ойи мобайнида тадбиркор аёллар учун банк томонидан 33 780,4 миллион сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди. Ушбу маблағлар янги корхоналарни ташкил қилиш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни ривожлантириш учун замонавий технологиялар ва асбоб-ускуналарни жалб қилиш учун сарфланмоқда.

“Alibek Marjona Tekstil” хусусий корхонаси банкнинг доимий мижозларидан бири ҳисобланади. Корхона фаолиятининг ривожланишида банк кредитлари катта суянч бўлмоқда.

– Корхонамиз 2013 йилда фаолиятини бошлаган бўлиб, бугунги кунда тикувчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариб келмоқда, – дейди “Alibek Marjona Tekstil” хусусий корхонаси раҳбари У.Ахунова. – 2014 йилдан буён АТБ “Капиталбанк” билан ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. 70 миллион сўм кредит олиб, корхонамиз хомашё базасини мустаҳкамлаб олдик. Ишлаб чиқариш кўлами кенгайиб, маҳсулотларимиз сифат жиҳатдан яхшиланиб бораётир. Бир нечта янги иш ўринларини ҳам ташкил этдик. Келгусида фаолиятимизни кенгайтириб, маҳсулотларимиз турини кўпайтиририш ниятидамиз. Бунда албатта АТБ “Капиталбанк” билан ҳамкорлигимизни давом эттирамиз.

Шунингдек, банк томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг бошқа йўналишларини ривожлантиришга, эндигина иш бошлаган ёш тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш, аҳоли ва хўжалик юритувчи субьектларнинг бўш пул маблағларини банк депозитларига жалб қилишни кўпайтириш масалаларига катта эътибор қаратмоқда.

Жумладан, давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорларига асосан озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарга 23 021,0 миллион, ноозиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришга 24 283,1 миллион, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришга 9 867,6 миллион, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантиришга 646,4 миллион ҳамда коллеж битирувчиларининг тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун 1 138,2 миллион сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди.

Бундан кўриниб турибдики, АТБ “Капиталбанк” томонидан кўрсатилаётган молиявий кўмак тадбиркорларнинг фаолияти ривожига, маҳсулот тури кўпайишига ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга катта ҳисса қўшмоқда.

Фаррух БАҲРОМОВ,

Тошкент Молия

институти магистранти

Хизматлар лицензияланган

15. 06. 2016.