Календарь

« »

БАНК ФАОЛИЯТИНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ

Бугун мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона сиёсат замирида, энг аввало, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш, Ўзбекистонимизнинг доимо пешқадамлар сафида бўлишини таъминлаш каби устувор мақсадлар мужассам. Мустақил тараққиёт йилларида мамлакатимизда барпо этилаётган муҳташам иморатлар, равон йўлу кўприклар, обод хиёбон ва гузарлар, намунавий турар жойлар – буларнинг барча-барчаси кўзланган ана шу юксак марраларимизга эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар натижасидир.

Эътиборлиси, мазкур жараёнда юртимиздаги молия муассасалари ҳам ўз сармоя ҳамда хизматлари билан фаол қатнашмоқда. Пировардида жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари кўлами йилдан йилга кенгайиб, юртдошларимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмай ҳаёт кечириши, замонавий қулайликлардан баҳраманд бўлиши учун зарур шарт-шароитлар яратилаётир.

Албатта, Ўзбекистон молия-банк тизими изчил ислоҳ этилиб, босқичма-босқич такомиллаштирилиб борилаётгани бу борада янги ташаббуслар, истиқболли лойиҳалар рўёбига кенг йўл очмоқда. Шу маънода Президентимизнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида таъкидланганидек, ўтган йили банк тизимини янада мустаҳкамлаш, банкларнинг капиталлашув даражасини ошириш ҳамда инвестициявий фаоллигини кенгайтириш таъминлангани қувонарлидир.

Хусусан, бундай юқори ўсиш суръатларини Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки фаолиятида ҳам кузатиш мумкин.

Бугун “Ўзмиллийбанк” Тошкент шаҳар Яшнобод бўлими мижозига айланиб улгурган, ҳозирда Тошкент вилояти Янгийўл туманида фаолият олиб бораётган “BAHROM TRADE GROUP” МЧЖ корхонаси мана бир неча йиллардан буён ўзининг сифатли маҳсулотлари билан омма эътиборига тушиб келмоқда. Асосий фаолияти матога ипли нақшли гул босиш, яъни технологик каштачиликка ихтисослашган ушбу корхонада ҳозирда 50 нафар ишчи-ходимлар фаолият юритаётган бўлиб, шулардан 18 нафарини коллеж битирувчилари ташкил этади.

– Корхонамиз ташкил этилганига ҳали кўп бўлгани йўқ, – дейди корхона раҳбари Зиёвуддин Мамажонов. – Шунга қарамай, технологик каштачилик асосида тайёрланаётган матоларимиз юртдошларимизга манзур бўлмоқда. Сир эмас, бугунги соғлом рақобат муҳити тадбиркордан доимий изланишни талаб этади. Харидорлар истагидан келиб чиқиб иш юритиш учун эса янгиликка интилиш зарур. Шу сабабли керакли янги ускуналарни сотиб олиш мақсадида “Ўзмиллийбанк”га кредит сўраб мурожаат қилдик. Молия муассасаси мутахассислари мурожаатимизни қисқа муддатда кўриб чиқиб, корхонамизга 585 650 АҚШ доллари миқдорида кредит ажратди. Ушбу маблағ эвазига хориждан энг сўнгги русумдаги ускуналарни сотиб олдик.

Корхонанинг келгусидаги режалари ҳам катта. Хусусан, жорий йилнинг охирига қадар ярим тайёр мато маҳсулотларини экспортга чиқариш ва шу орқали янги иш ўринларини 300 тага етказиш, уларнинг 30% га яқинини касб-ҳунар коллежи битирувчилари ҳисобидан ташкил қилиш корхонанинг бугунги кундаги энг олий мақсадларидандир.

Кўриниб турибдики, иқтисодий ўсиш учун улкан имкониятларга эга бўлган, иқтисодиётнинг муҳим жабҳаси ҳисобланувчи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни кредитлаш масаласига “Ўзмиллийбанк” томонидан катта эътибор қаратилмоқда. Ишлаб турган корхоналарни модернизация қилиш ва юқори технологияга асосланган янги ишлаб чиқаришларни жорий этиш, маҳаллий хом ашёни қайта ишлашга асосланган, импорт ўрнини босадиган истеъмол моллари ишлаб чиқарувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш ҳам “Ўзмиллийбанк” фаолиятининг стратегик йўналиши ҳисобланади.

“Ўзмиллийбанк”

матбуот хизмати

Хизматлар лицензияланган

08. 06. 2016.