Календарь

« »

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ЗАМОНАВИЙ ДУНЁНИ ЎЗГАРТИРАЁТГАН ЎН НАФАР ЕТАКЧИ РЎЙХАТИДА

Дунё жамоатчилиги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни диққат билан кузатиб бораётгани баробарида уларга юқори баҳо беришда давом этмоқда.

Хорижлик экспертларнинг фикр билдиришларича, мамлакатимизда кечаётган ҳозирги ўзгаришлар нафақат маҳаллий, балки умумий халқаро аҳамиятга эга бўлаётир.

Жумладан, Туркиянинг етакчи иқтисодий нашрларидан бири – “Derin Ekonomi” журнали шарҳловчилари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни ўз мамлакати ва минтақасидаги вазиятлар ўзгаришига сезиларли таъсир кўрсатишга қодир бўлган жаҳоннинг биринчи ўн нафар етакчиси рўйхатига киритдилар.

“Derin Ekonomi” журнали рейтинги Туркиядаги бошқа бир етакчи нашр — “Yeni Safak” газетаси томонидан ҳам кўчириб босилди.

Мазкур рўйхатдан муҳим аҳамиятга молик қарорлари билан ўз мамлакатлари ҳамда минтақаларидаги мавжуд вазиятни ўзгартириб юборадиган ва бу билан халқаро майдондаги вазиятга фаол таъсир кўрсатадиган ҳамда жаҳон оммавий ахборот воситаларининг “нюсмейкери”, яъни уларнинг диққат-эътибори объекти бўлиб келаётган етакчилар номлари жой олди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайланган биринчи кунларданоқ мамлакатни ялпи либераллаштириш, “ҳар ерда ҳозиру нозир” бўлган ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятини тартибга солиш, диний эътиқод эркинлигини таъминлашга қаратилган чуқур ислоҳотларни ҳаётга татбиқ қилмоқда.

Таъкидланганидек, янги раҳбарият бошчилигида Ўзбекистонда мамлакатни амалда эркин бозор сари ҳаракатлантиришга ва ташқи савдо ҳамда валюта сиёсатини либераллаштиришга йўналтирилган ўта муҳим қарорлар қабул қилингани хорижлик сармоядорлар учун республиканинг жозибадорлигини оширди.

Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Президенти лавозимидаги энг катта эътиборга муносиб қадамларидан бири бошқа давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан ўзаро муносабатларни тубдан яхшилаш йўлини тутгани бўлди.

Турк нашрларида қайд этилишича, мазкур рейтингдан жой олган ўн мамлакат етакчиларининг исм-шарифлари, эҳтимол, шу пайтга қадар жаҳон ҳамжамияти учун таниқли бўлмаган, бироқ 2018 йилда улар “ҳар бир кишига ўзларини танитишади”.

“Жаҳон” АА

Анқара

09. 01. 2018.