Календарь

« »

2 ДОЛЗАРБ ВАЗИФАЛАР МУҲОКАМАСИ

  Маҳаллалар қадим-қадимдан эзгулик бешиги, тарбия ўчоғи, миллий удумлар, урф-одат, анъаналар шаклланган маскан ҳисобланган.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, барча жабҳаларда бўлгани каби маҳалла тизимининг ҳам янги истиқболига йўл очилди. Бугунги кунда ўзини ўзи бошқариш тизимининг мавқеи янада мустаҳкамланди, маҳалланинг янги-янги имконият ва қирралари очилиб, элу юрт ривожи йўлида хизмат қилмоқда.

Юнусобод тумани ҳокимлигида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши томонидан “Маҳаллаларда маънавий-маърифий ишларни кучайтиришнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари” мавзусида ўқув-семинари ташкил этилди.

Тадбирда Тошкент шаҳар туманлари ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари ҳамда хотин-қизлар қўмиталари раислари, маҳаллалар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашларнинг ижро аппаратлари ходимлари, маҳаллалар раислари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, маърифат ва маънавият масалалари бўйича комиссиялар раҳбарлари қатнашди.

Маънавият бешиги сифатида маҳаллада улғаяётган фарзанд оқ ва қора, яхшию ёмон ҳақидаги дастлабки маълумотларни худди шу масканда олади, дунёқараши оиласи, қўни-қўшнилари, маҳалла-кўй таъсирида шаклланади. Шу нуқтаи назардан, вояга етаётган ёш авлод оиласидаги, маҳалласидаги маънавий муҳитдан озуқа олиб камол топади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида маҳалла институтини янада такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилган. Ушбу устувор йўналишлардан бири сифатида жамиятимизда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришда, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантиришда, шунингдек ёшларни маънавий бой ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, уларни мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилишда маҳаллаларнинг аҳамияти ва нуфузини янада ошириш назарда тутилган.

Президентимизнинг мазкур фармонида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, Республика Маънавият ва маърифат марказининг жойлардаги тузилмалари билан маҳаллалар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, фуқаролар йиғинларида маънавий-маърифий соҳадаги ишларни янада такомиллаштириш, бу борада Маърифат ва маънавият масалалари бўйича комиссиялар фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида семинарлар ўтказилмоқда. Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Меморандумда белгиланган чора-тадбирларни маҳаллаларда изчил амалга оширилишини таъминлаш, бу борада уларга услубий ва амалий кўмаклашиш тизимини шакллантириш масаласига тадбир иштирокчиларининг эътибори қаратилди. Жумладан, Республика Маънавият ва маърифат маркази билан унинг бошланғич ташкилоти сифатида маҳаллалардаги Маърифат ва маънавият масалалари бўйича комиссияларни эътироф этиш, улар билан ўзаро ҳамкорликни таъминлаш, фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича вертикал тизимни шакллантириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Замонавий ахборот-технологияларидан фойдаланган ҳолда ўтказилган ушбу тадбирларда давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда жорий йилнинг 28 июлдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида”ги Қарорининг мазмун-моҳиятини ҳамда маҳалла фаолларининг Маънавият ва маърифат марказининг жойлардаги тузилмалари билан ҳамкорлигини янада кучайтириш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Семинарда маҳаллаларда маънавий-маърифий ишларни янада жонлантиришда мутасаддилар олдида турган долзарб вазифалар ҳамда уларни амалга ошириш механизмлари, ушбу йўналишда Маърифат ва маънавият масалалари бўйича комиссиялар ишини самарали ташкил этиш, уларнинг фуқаролар йиғинларидаги бошқа жамоатчилик тузилмалари билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш масалаларига тўхталиб ўтилди. Шу билан бирга маҳаллаларда “Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она” деган мақолнинг аҳамиятини ошириш, “Ўз болангни ўзинг асра!” деган даъватни амалий ҳаракатга айлантириш, бу борада маҳаллалар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашлари ижро аппаратларининг ролини ошириш, фуқаролар йиғинлари кенгашлари ишини самарали ташкил этиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир давомида шунингдек, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларни содир этиш сабабларидан келиб чиқиб уларнинг олдини олишга йўналтирилган аниқ мавзудаги маънавий-маърифий тадбирларни ташкиллаштириш ва ўтказиш ишларига маҳаллалардаги кўчабошилар ҳамда фуқаролар вакилларини кенг жалб этиш муҳим эканлиги таъкидлаб ўтилди.

Зиёда РАСУЛОВА

19. 12. 2017.