Календарь

« »

ФУҚАРОЛАРНИНГ ЎЗИНИ ЎЗИ БОШҚАРИШ ОРГАНЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ МУВОФИҚЛАШТИРИШ БЎЙИЧА ТОШКЕНТ ШАҲАР КОНФЕРЕНЦИЯСИНИНГ ПОЙТАХТ АҲОЛИСИГА МУРОЖААТИ

 Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент шаҳар кенгашининг конференцияси ўтказилди. Бугунги кунда шаҳримизда олиб борилаётган кенг кўламли ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларида аҳолимиз фаоллигини ошириш, уларнинг фуқаролик бурчларини кучайтириш мақсадида конференция иштирокчилари томонидан пойтахт аҳолисига Мурожаат қабул қилинди.

Азиз ҳамшаҳарлар!

Биз улкан ўзгаришлар, оламшумул янгиланишлар даврида яшамоқдамиз. Давлатимиз раҳбари муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг халқимиз ҳаётини яхшилаш борасида узоқни ўйлаб олиб бораётган ишларидан кўнглимиз тоғдек юксалмоқда, қалбларимиз ғурурга тўлмоқда. Юртбошимиз ўзбек маҳалласига “халқ виждони”, “маҳалла раиси – менинг жойлардаги вакилим”, дея юксак ишонч билдирмоқда. Биз пойтахт зиёлилари, маҳалла вакиллари бундай ғамхўрлик ва чексиз эътибордан миннатдор бўлиб, шаҳримизнинг ҳар бир фуқаросига шундай савол билан мурожаат қилмоқдамиз: Биз пойтахтимизни янада обод, гўзал ва мафтункор бўлишига заррача бўлса-да, ҳисса қўшмоқдамизми?

Тошкентни бугун нафақат ватандошларимиз, балки узоқ-яқиндан ташриф буюраётган хорижликлар ҳам озода, кўркам, гўзал шаҳар сифатида таърифламоқда.

Аммо маҳаллаларимизнинг ички кўчалари, ҳовлиларимиз атрофидаги тозалик, ободончилик ҳақида бундай дея олмаймиз. Ота-боболаримиздан қолган чиройли удумларимиз қаёққа йўқоляпти? Қани маҳалла-кўй? Қани кўпни кўрган нуронийларимиз, онахонларимиз?

Ҳаммамиз маҳалла фуқаросимиз. Сизларни, бир қатор бизни ўйлантираётган, ташвишга солаётган масалалар юзасидан ҳамжиҳатликка чақирмоқчимиз.

Маҳаллаларимизда тадбиркорларимиз томонидан қачонлардир яхши ниятларда ҳусусийлаштирилган кўплаб иморатлар бўш турибди. Уларни ишлатиш учун ўша тадбиркорларимизнинг балки хоҳиши йўқ, ёки улар бу бино ва иншоотларни вақти келганда фойдаси билан сотиб юбориш истаги билан юрибди. Аммо айнан ўша маҳаллаларда юзлаб банд бўлмаган аҳолини ким иш билан таъминлайди? Маҳалла фаоллари бўш ётган бино ва иншоот эгалари олдига бу муҳим масалани кўндаланг қўйиш фурсати етди, деб ўйлаймиз!

Ўрганишлар ҳақиқатда ночор оилаларга манзилли кўмаклашиш, уларни оёққа туриб олишларига туртки беришда ҳамжиҳатлик йўқлигини кўрсатмоқда. Бу ўринда маҳалла-кўй, оқсоқоллар, шу ҳудудда истиқомат қилаётган мансабдор шахслар, қолаверса тадбиркорларнинг лоқайд ва бепарво бўлишаётганига гувоҳ бўляпмиз.

Биз учун оилавий ажралишлар, ўз жонига қасд қилишларнинг замирида турган сабаблардан бири бўлган етишмовчилик, жамиятга қўшила олмаслик каби ички кемтикликни йўқотишдан муҳимроқ вазифа борми? Жамиятда ҳеч кимга керак эмаслигини ҳис этган одамдан ҳар нарсани кутиш мумкин. Турли жиноятларнинг кўпайиб бораётганлиги, оилавий нотинчликлар фақатгина ўша одамларнинггина муаммоси деб қарасак, хато қиламиз. Бундай оилаларнинг кўнгли ярим бўлиб ўсаётган фарзандлари ҳам эртага биз яшайдиган шу умумий оилада яшайди, уларнинг қалбидаги норозилик, атрофдагиларга нафрат туйғуси жамиятга юк бўлиши турган гап! Буни унутишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ! Ўғлонларимиз онгига оиланинг шарафли юкини кўтариш йигитлик ори экани, қизларимизга оиланинг бекаси бўлишдек бахтнинг бебаҳолигини сингдирайлик. Тўй-ҳашамларимиздаги ақлга сиғмас дабдабалар-у, исрофгарчиликларга чек қўяйлик.

Бир-бири билан чамбарчас бўлиб кетган муаммоларнинг яна бири – ҳеч қаерда ишлашни истамайдиган бекорчи фуқаролар билан боғлиқ. Фарзандларининг ҳаёти, келажаги билан умуман қизиқмайдиган бефарқ, фақат ўзини ўйлайдиган инсонлар бор экан, бу ҳам ҳаммамизнинг камчилигимиз, деб қарашимиз лозим.

Азиз юртдошлар!

Бизга зимдан қора ният билан қараб турганлар борлигини, бундайин тинч ва осуда ҳаётни асраб-авайлаш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлигини унутиш мумкинми? Муқаддас дин ниқоби остида дунёнинг турли мамлакатларида амалга оширилаётган хунрезликлар ижрочилари орасида бизнинг маҳалладошимиз ёки ён қўшнимиз, қайси биримизнинг эса опа-синглимиз, ака-укамиз ёки фарзандимиз бор экан, хотиржамликка, бепарволикка берилишга ҳаққимиз борми? Ахир улар Ватанимиз ва буюк аждодларимиз шаънига доғ туширмоқда.

Қаердаки бефарқлик бўлса, ўша ерда жиноят ҳам кўпаяди. Ён-атрофимиздаги турли ножўя, ноқонуний ишлардан огоҳ бўлиб, уларни бартараф этишда дахлдорлик ҳисси билан ёндошайлик.

Таълим муассасаларидаги давоматни жамоатчилик назорати остига олсак, бу билан кўплаб хавотирга сабаб бўлувчи омилларни йўққа чиқарган бўламиз.

Айрим фуқароларимиз томонидан фойдаланилаётган табиий газ, электр манбаи каби коммунал хизматлар учун сурункали равишда ҳақ тўламай келаётганлиги шак-шубҳасиз умумхалқ мулкига хиёнатдир. Уларга жамиятда боқиманда, текинхўр ва қонунбузарларга ўрин йўқ эканлигини етказиб қўйишнинг аллақачон фурсати етди, деб ҳисоблаймиз!

Азиз ҳамшаҳарлар!

Тошкент, унинг ҳар бир гўшаси, ҳар бир томчи суви, ҳар бир сиқим тупроғи сиз-у бизники – ҳаммамизники! Тошкент шаҳрида эзгу ният билан ҳар ҳафтанинг шанба куни “озодалик куни” сифатида белгиланган. Инсон қалби айнан покиза туйғулар билан ҳамоҳанг яшаса, жамиятда одамларнинг ёруғ орзулари, кўнгил тубидаги эзгу тилаклари амалга ошар экан. Пойтахтимизнинг келажаги, фарзандларимизнинг истиқболи учун ҳамжиҳат бўлайлик!

Ватан ва халқ манфаати, Тошкентдек бетакрор, гўзал ва мафтункор она шаҳримизнинг нурафшон келажагига ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшайлик!

Тошкент шаҳри,

2017 йил май             

30. 05. 2017.