Календарь

« »

ВАТАНИМГА ХИЗМАТ ҚИЛАМАН

Миробод туман ҳокимлиги ташаббуси билан шаҳар ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, халқ таълими бошқармалари, “Камолот” ЁИҲ, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди шаҳар бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир “Катта ҳаётда ўз ўрнимни топиб, Ватанимга хизмат қиламан” деб номланди.

Миробод туман ҳокимлигида муддатли ҳарбий хизматдан қайтган, олий ўқув юртлари ҳамда ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларини битираётган ёшларни ишга ва ўқишга жойлаштириш, уларни тўғри йўналтириш орқали ҳаётда ўз ўринларини топишга кўмаклашиш мақсадида, иккки кун давомида бир гуруҳ ёшларнинг туман ҳокимлиги, солиқ, ички ишлар, суд, прокуратура ходимлари билан учрашуви ташкил этилди.

Тадбир Миробод туман ёшларининг Ўзбекистон тарихи давлат музейидаги Ўзбекистон Республикаси мус­тақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан очилган “Мустақиллик экспозицияси”га ташрифи билан бошланди. Истиқлол йилларида мамлакатимизда эришилган улкан ютуқлар акс этган экспозиция ёшларда катта таассурот қолдирди. Шундан сўнг улар Мустақиллик майдонидаги “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гул қўйиб, ўтганларни ёдга олишди.

– Келажаги порлоқ ёшларимизнинг бахтли ҳаёти ва истиқболли йўлида қилинаётган ҳар қандай эзгу мақсад бугунги кунда ўз самарасини бермоқда, – дейди Миробод туман ҳокимининг ўринбосари Алишер Мусаев. – Ушбу тадбирда олий ўқув юртлари, касб-ҳунар таълими муассасаларини битираётган ёшлар ва ҳарбий хизматдан қайтган йигитларимизни яратилган шарт-шароитлар, тегишли қарорлар ҳамда берилаётган имтиёзлардан хабардор қилиб, уларнинг тумандаги бўш иш ўринлари ярмаркасидаги иштирокларини таъминлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Миробод туманида жорий йилда 78 нафар йигитлар ҳарбий хизматни ўтаб қайтган. 2 минг 838 нафар ўқувчилар ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини, 2 минг 639 та талаба олий таълим муассасаларини битирди. Айни пайтда уларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга йўналтириш, тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш учун самарали ишлар олиб борилмоқда.

– Мен Сурхондарё вилоятининг Денов туманида муддатли ҳарбий хизматни муваффақиятли ўтаб қайтдим, – дейди Суннатилло Ҳайитбоев. – Келажакда ўқиб, изланиб, Ватанимга сидқидилдан хизмат қиламан.

Суннатилло Ҳайитбоев намунали ҳарбий интизом, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарликда юқори натижаларга эришгани, тест синовларидан муваффақиятли ўтгани сабаб, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсиясини қўлга киритиб, 50 фоизлик имтиёзга эга бўлган ва Тошкент архитектура-қурилиш институтида таълим олишни режалаштириб қўйган.

Тадбирда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг тадбиркорлик ғояларини ҳаётга татбиқ этиш, банклардан имтиёзли кредит олиш тартиби ва бошқа жабҳаларда фаолият олиб боришлари учун кўмак бериш масалалари ҳам муҳокама этилди.

 Гулчеҳра ДУРДИЕВА

18. 05. 2017.