Календарь

« »

СИФАТЛИ МАҲСУЛОТЛАР –ХОНАДОНЛАР КЎРКИ

Инсон борки, яхши ҳаёт кечириш, бунинг учун барча қулайликларни яратиш йўлида бир зум тўхтамайди. Қулайлик ортидан уни такрорламайдиган ва янада яхшироғи яратилаверади. “Яшаш яхши, яхши яшаш ундан ҳам яхши...” иборасини гоҳ жиддий, гоҳ кулиб такрорлашимизнинг сабаби ҳам шунда бўлса, ажаб эмас.

Биргина мисол, китобларда ўқиганимизку майли, бобо-бувиларимизнинг ҳикояларида ҳам кўп бор эшитганмиз, одамларнинг похол тўшама, бўйра, кейин­чалик кўрпачаларда чордона қуриб ўтиргани, ер ёки полга оддий тўшама тўшаб ухлагани ҳақида.

– Ҳозиргидек ётоқхона, ошхона мебеллари ҳақида билиш у ёқда турсин, тасаввуримиз ҳам бўлмаган, – дейди Сергелида яшовчи ёши тўқсонларга борган Доно момо. – Бугунги ёшлар қулай, юмшоқ, чиройли, бежирим мебелларда овқатланиш, дам олиш ва ухлаш имкониятига эга. Чевараларимга ҳозирда мавжуд бўлган қулайликлар у даврларда бўлмаганини айтсам, қандай яшагансизлар деб ҳайрон бўлишади. Шундай бахт­ли кунларни кўриб, эртаклардагидек яшаётганимдан қувончим чексиз.

Ҳа, бугун барча соҳаларда бўлгани каби яхши яшаш истагидаги кишилар талабини қондириш учун мебелсоз усталарнинг ҳам қўли қўлига тегмаяпти. Улар ўз мижозларини янада рағбатлантириш, кўнглидан жой олиш ва уларни мамнун қилиш учун изланишдан бир зум тўхташмаяпти. Бу эса мебель бозорида рақобатни таъминлаб, ранг-баранг ва албатта сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришга бўлган ҳаракатни ривожлантирмоқда. Маълумотларга кўра биргина Тошкент шаҳрида мингга яқин мебель корхонаси фаолият юритмоқда.

– Мебель бозорининг ўзига хос талаблари бор, – дейди “Тошкентмебель” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Тўрабек Назаров. – Унга кўра, биз истеъмолчининг хоҳиш-истаги, диди нечоғли эканини ҳис қила олишимиз ва бозордаги ўзгаришлардан хабардор бўлиб туришимиз керак. Негаки, бу йўналишда ҳар хил янгиликлар билан истеъмолчиларни ром этишни мўлжаллаганлар кўп. Харидор эса ҳамиша энг яхшисига талпинади. Аслида ҳам бундай маҳсулотларга аҳоли талабининг кун сайин ортиб бораётгани халқимизнинг турмуш фаровонлиги ошаётганидан далолатдир.

Айни пайтда саксон нафарга яқин ишчи меҳнат қилаётган корхонада 100 турдаги ётоқхона, меҳмонхона, болалар хоналари, офис ва таълим масканлари учун мебеллар тайёрланмоқда. Бир-биридан чиройли, бир-биридан бежирим, ўзига хос услубда яратилган жиҳозлар энг нозик дидли харидорга ҳам манзур бўлиши, шубҳасиз. Зеро, агарда Италия мебеллари дунёда энг сара деб ҳисобланса, бу корхонада у билан рақобатлаша оладиган маҳсулотлар нозик дид ва юксак маҳорат билан тайёрланмоқда. Бунда эса корхонанинг энг замонавий, жаҳон андозаларига жавоб берадиган ускуна ва технологиялар билан жиҳозлангани қўл келмоқда.

– Жамоамиз юксак технологиялар кўмагида чинор ва ёнғоқ ёғочидан қўл меҳнатига асосланган санъат асари яратмоқда, – дейди корхона раҳбари Т.Назаров. – Мисол учун, “Милан” номли меҳмонхона жиҳозларини тайёрлаш учун ўн икки нафар уста 15 кун тинимсиз ишлайди. Бунинг учун сабр ва қунт керак. Аслида ўзим фаолиятимни дурадгорга шогирдликдан бошлаб, мебель тайёрлашнинг барча сир-асрорларини билганим учун хорижда харидорбоп ҳисобланган мебель жиҳозларини ўзимизнинг шароит­да янада қулайроқ, чиройлироқ ва арзонроқ чиқаришни мўлжаллайман. Халқимиз жуда тежамкор, узоқни ўйлайдиган эл. Битта жиҳоздан ҳар хил ҳолатда ва узоқ йиллар фойдаланишни истайди. Биз эса харидорларнинг диди, хоҳиши ва албатта чўнтаги билан ҳисоблашиб иш кўришимиз керак...

Корхонада тобора кучайиб бораётган рақобат шароитида маҳсулотлар сифатини ошириш ва дизайнини янада такомиллаштириш билан бирга, харидор учун мақбул нарх­ни таклиф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда соҳа учун керакли хомашёни четдан олиб киргани учун мебель корхоналарининг божхона тўловларидан озод қилингани қўл келмоқда. Айни вақтда экспортга эътибор қаратилиб, Қозоғистонга маҳсулот етказиб бериш борасида келишувлар имзоланди.

Корхонага ҳар йили бир нечта касб-ҳунар коллежи битирувчилари ишга олинади.

– Яқинда Тошкент қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежини битираман, – дейди Маҳмуд Файзуллаев. – Ҳар йили шу корхонада амалиёт ўтаб, усталардан маҳорат сирларини ўрганиб келмоқдаман. Ўқишни битирсам, ишим тайин. Мен билан уч томонлама меҳнат шартномаси имзоланди. Корхонамизда тайёрланаётган маҳсулотларга менинг ҳам кўпроқ ҳиссам бўлишидан хурсандман.

Халқимизнинг ҳаёт сифатини тобора юксалтириб боргани сайин, кенг турдаги юқори сифатли, бежирим ва кўркам маҳсулотлар хонадонларимизга қулайлик, шинамлик ва гўзаллик бахш этмоқда. Муҳими, маҳаллий маҳсулотлар хариди билан юртимизда янги-янги иш ўринлари яратилаётир, ишлаб чиқариш ҳажми ва кўлами ошиб бормоқда.

Зиёда ВОҲИДОВА

18. 05. 2017.