Календарь

« »

ҚУЛАЙ БИЗНЕС МУҲИТИ ШАКЛЛАНТИРИЛМОҚДА

Пойтахтимизда Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази, Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва “NORTEC COMPANY” Ўзбекистон – Норвегия қўшма корхонаси ҳамкорлигида “Қулай бизнес муҳити: самарали бизнес лойиҳаларини амалга ошириш” мавзуида семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистонда тадбиркорларга яратилаётган имкониятлардан тўлақонли фойдаланиш ва юзага келаётган муаммоларга ечим топишга кўмаклашиш мақсадида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ходимлари, O’zLiDeP фаоллари, мамлакатимизда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари, ёшлар ва Норвегия, Нидерландия, Россия каби давлатларнинг ишбилармон доира вакиллари иштирок этди.

Айниқса, тадбиркорликни бошлаш ниятида бўлган ёшлар учун бу ўзига хос маҳорат дарси бўлди, десак муболаға бўлмайди. Сабаби семинарда хорижлик мутахассислар ўз тажрибаларидан келиб чиқиб, бизнес муҳитини тўғри ва самарали ташкил этиш, жаҳон молия бозорларини пухта ўрганиш ва энг асосийси соҳада муваффақиятга эришиш йўллари хусусида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Қизғин савол-жавобларга бой тарзда ўтган тадбирда мамлакатимиздаги кредит сиёсати, тадбиркорлик фаолияти учун белгиланадиган солиқ ставкалари, Жаҳон банкининг “Бизнесни юритиш 2017: бошқарув сифатини ва самарадорлигини баҳолаш” ҳисоботи бўйича мамлакатимизда олиб борилаётган тадбиркорлик фаолиятига оид келтирилган маълумотлар иштирокчиларнинг баҳс-мунозараларига сабаб бўлди.

– Хорижлик мутахассисларнинг қайд этишича, Ўзбекистонда солиқ юки АҚШ, Германия, Франция, Италия, Испания, Япония, Хитой, Ҳиндистон ва Россия мамлакатларига қараганда сезиларли даражада паст экан, — дейди “Гулзода” МЧЖ раҳбари Гулзода Авазова. – Очиғи бу каби маълумотлар менда юртимизга бўлган фахр туйғусини янада оширди. Сабаби, фаолиятимизга четдан назар ташлаб, уни таҳлил қилиб ўрганган мутахассисларнинг фикри ишимизга нисбатан берилган холис баҳо деб ўйлайман. Айниқса, меҳмонлар юртимиздаги ёш тадбиркорларга, улар учун яратиб берилаётган шарт-шароитларга ҳавас қилишларини айтишганида тадбиркорликни танлаб адашмаганлигимни ҳис қилдим ва келажакка бўлган ишончим янада ортди.

Шунингдек, семинарда тадбиркорликда фақат ўзини ўйлаш эмас, балки жамият ва давлатга фойда келтириш орқали бизнесни бир меъёрда давом эттириш ҳамда ривожлантириш мавзуси муҳокама марказида бўлди.

– Бизнес фақат пул ишлашга қаратилган бўлса бу узоққа бормайди, – дейди “ПАО ФОСАГРО” директорлар кенгаши маслаҳатчиси Дмитрий Шлопак. – Бизнес жуда кўп жиҳатларга эътибор қилган ҳолда йўлга қўйилмоғи лозим. Унда инсон омили, маънавий томонлар устун бўлиши керак. Булар бўлмаса демак, бу бизнес эмас, шунчаки пулларни айлантириш холос. Агар тадбиркор ўз муваффақияти билан бўлишишни билмаса, у келгусида инқирозга учраши табиий. Фикримча, тадбиркор ўз фаолиятини ёлғиз ўзи қўлга кирита олмайди. Чунки унга жамоа билан бирга мавжуд шарт-шароитлар асосида эришилади. Ўзбекистонда эса барча шароит бор. Очиғи, мамлакатингизда тадбиркорларга яратилаётган қулайликларни кўриб жуда ҳавасим келди. Айниқса, соҳада фаолият кўрсатаётган ёшларнинг барчаси ўзининг шахсий фикрига эга, бизнеснинг сир-асрорларидан яхши хабардор.

Тадбирда эндигина иш бошлаган тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан экспертларга мурожаат қилишди. Улар ҳуқуқий соҳаларда вужудга келаётган муаммоларга ечим топиш, фаолиятларини кенгайтириш юзасидан малакавий кўникмаларга эга бўлишди.

– Семинардан хулоса қилдимки, тадбиркорлик фаолияти дунёнинг қайси нуқтасида олиб борилмасин мақсад битта, у ҳам бўлса инсонларнинг фаровон яшаши учун ҳисса қўшиш, – дейди “Вавилон” бизнес мактаби раҳбари, ёш тадбиркор Жавлонбек Отахонов. – Бугунги семинар жуда самарали ва фойдали бўлди, деб ҳисоблайман. Чунки хорижлик тадбиркорлардан олган маслаҳатларимиз, таклиф ва тавсияларимиз фаолиятимизни янада ривожлантиришда албатта қўл келади.

Тадбирда мутахассислар томонидан бизнеснинг турли йўналишлари бўйича берилган зарур кўрсатмалар ва тавсиялар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Эътиборлиси, тадбир иштирокчилари хорижлик тадбиркорлар билан ўзаро тажриба алмашиш имконига эга бўлдилар.

Зиёда РАСУЛОВА

18. 05. 2017.